O'ZBEKISTON DAVLAT JISMONIY TARBIYA INSTITUTI

Bosh menyu
Ma'naviyat va ma'rifat bo'limi
Axborot ta'lim portali


Elektron akademiya


Usport.uz
Utube.uz


Fikr.uz


Tanlov.uz


Pedagogik amaliyot
Elektron kutubxona
Sport kitoblari
ARMAT
Interaktiv xizmatlar
Fan-sport
ModeHEd
Ob-havo
Kalendar
«    Aprel 2018    »
DuSeChPaJuShYa
 1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
30 
fansport marketing library erasmus galereya sportkitob exujjat moodle
O'zDJTI » Yangiliklar » Наврўз — халқнинг шодлик ва хурсандчилик кунидир

Наврўз — халқнинг шодлик ва хурсандчилик кунидир


Sana: 19-03-2016, 08:40       Ko'rishlar soni: 879

     

   Қадимги Ажам ўлкаларининг энг қутлуғ, халқона, кўҳна байрами Наврўз ҳисобланади. Унда ўзига хос маросимлар ўтказилиб, миллий таомлар ва егуликлар тайёрланади. Аждодларимиз азалдан Наврўз кунлари етим-есир, бева-бечора, хаста ва муҳтож кишиларга меҳр-мурувват, саховат кўрсатишни ўзининг шарафли бурчи, деб билган. Ушбу кунларда жамики гина-кудуратлар орадан кўтарилиб, ўзаро самимият, меҳр-оқибат, муҳаббат ришталари мустаҳкам боғланган. Хўш, ушбу байрамнинг тарихи тўғрисида яна нималарни биламиз?

Наврўз байрами, унинг вужудга келиши, тарихи ва нишонланиши хусусида кўплаб манбалар мавжуд.  Бу ҳақида қадимий асрларда жуда кўп маълумотларни учратиш мумкин. Масалан, бизгача етиб келган ёзма ёдгорликлардан зардўштийларнинг муқаддас китоби, қадимги Хоразм ҳудудида яратилган “Авесто”(эрамиздан олдинги VI аср), Умар Хайёмнинг “Наврўзнома”, Абу Райҳон Берунийнинг “Қадимги аждодлардан қолган ёдгорликлар” (XI аср) асарларида бу байрамнинг келиб чиқиши, расман жорий қилиниши ҳақида турли хил далиллар баён қилинган.
     Беруний “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар” асарида, “Наврўз фаришталар улуғлаган кундир, чунки улар шу куни яратилганлар. Уни пайғамбарлар ҳам улуғ тутганлар, чунки Қуёш шу кунда яратилган ва уни подшоҳлар ҳам улуғлаганлар, чунки у замоннинг биринчи кунидир”, деб ёзади.
      Фирдавсий “Шоҳнома”сида Эрон ва Турон халқларининг урф-одатлари, анъана ва ўзига хос жиҳатларини қайд этиш баробарида икки халққа ҳам муштарак бўлган анъаналар ҳақида баён этилган. Булар, жумладан, Наврўз кунини бир кунда — 21 мартда нишонлаш, сумалак ва бошқа миллий таомлар пишириш, халқ ўйинлари: кўпкари, улоқ, пойга, оқсуяк, чиллик ва бошқаларни ташкил этиши билан боғлиқдир.  Фирдавсий ҳам ўз даврининг фарзанди-ижодкори сифатида халқимиз томонидан минг йиллар давомида эъзозлаб-улуғлаб келинган энг яхши анъаналар, урф-одатлар қаторида Наврўз байрамини тилга олади.

Умар Хайёмнинг 14 бобдан иборат “Наврўзнома” асарининг “Мўъбадларнинг мўъбадини келиши ва Наврўзнинг келтирилиши”, “Ажам подшоҳларининг удумлари” бобларида қадимги Турон ва Эрон халқларининг турли удумлари, тақвимлари, Сада, Меҳржон ва Наврўз байрамлари ҳақида кўплаб маълумотлар, улар билан боғлиқ афсоналар келтирилади.  

      Алишер Навоий “Тарихи мулуки Ажам” асарида Жамшиднинг буюк кашфиётлари сўнгида улуғ Наврўзни ихтиро қилганлигини ёзади. Шунингдек, бошқа бир қатор асарларда Наврўз билан боғлиқ қимматли маълумотлар берилган. Мазкур асрларнинг кўпи мифологик, афсонавий моҳиятда бўлса-да, маълум даражада ҳақиқатни акс эттирувчи, миллий маънавий меросимиз хазинасига мансуб дурдоналардан, деб айтишимиз мумкин.

Наврўз — жуда қадимий, илдизи 3-4 минг минг йилларга бориб тақаладиган миллий байрам бўлиб,  “Янги кун” деганидир. Чунки, қадимдан Шарқий мамлакатларда янги йилнинг бошланиши баҳордаги кун-тун тенглигига  —    21 мартга тўғри келади. Кези келганда шуни ҳам айтиб ўтиш жоизки, Исломдаги ҳижрий-шамсий йил ҳисобида ҳам янги йил боши айнан шу кунга тўғри келади. Ана шу куни қуёш ҳам Ҳамал буржига киради, яъни, самодаги ўзгариш, коинотдаги муайян бир мунтазамлик — баҳорги эътидол мана шу куннинг байрам қилинишига сабаб бўлган. Шарқ халқларидаги мучал йили ҳам айнан шу кундан ўзгаради.

      Мустақиллик шарофати билан бугун бутун элимизда Наврўз байрами катта тантаналар билан нишонланмоқда. Айрим урф-одат, анъаналар йиллар ўтиши билан йўқолиб кетди. Аммо кўҳна Шарқ халқларининг миллий байрами — Наврўз йўқолиб кетмади. Аксинча, у янада гуллаб-яшнади. Чунки, инсоният ўзи қанчалик қадимий бўлса, унинг маросим ва урф-одатлари, анъаналари ҳам шунчалик қадимий мозийга бориб туташади.
 Истиқлол йилларида кўплаб миллий қадриятларимиз қатори азиз ва муқаддас байрамимиз Наврўзи олам ҳам қайта тикланди. 1989 йил 28 февралда Муҳтарам Юртбошимиз Ислом Каримовнинг Наврўз байрамини тиклаш тўғрисидаги тарихий қарори қабул қилинди.  Унга кўра, 1991 йилдан бошлаб 21 март — Наврўз умумхалқ байрами сифатида нишонланадиган бўлди ва дам олиш куни деб эълон қилинди.

Шарқнинг буюк алломаларидан бири Маҳмуд Қошғарий, Байрам — халқнинг шодлик ва хурсандчилик кунидир, деган эди. Дарҳақиқат, байрамлар туфайли шодёналар, тантанали воқеалар, муҳим саналар, улкан ютуқлар нишонланади. Наврўз бахт ва шодлик, уйғониш ва яшариш, эзгулик ва меҳр-оқибат байрамидир.

    Бугун юртимизда, унинг узоқ-яқин шаҳар ва қишлоқларида, барча гўшаларда Наврўз байрамини муносиб нишонлашга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Озод ва обод юртимизга хуш келдинг, уйғониш, яшариш, янгиланиш ва меҳр-оқибат айёми!  Қадимий байраминг — Наврўзи олам муборак бўлсин, Ўзбекистоним!

 

Феруза ЮСУПХАНОВА,

Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия

 институти ўзбек ва чет тиллари

кафедраси ўқитувчиси   




Ishonch telefoni
+99870 717-17-76
Soat 9:00 dan 18:00 gacha
Elektron qabulxona
E-Xujjat
MOODLE
Elektron jurnal
Bimm.uz
Foydali manbalar